Шавкат Мирзиёев Тошкентда қатор транспорт объектларини очди

Дата: 14:35, 27-03-2017.

Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган дам олиш кунлари Тошкентда қатор транспорт объектларини очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Новза” метроси ёнида барпо этилган йўл ўтказгич кейинги йиллардаги энг йирик лойиҳалардан бўлди. Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирар, тирбандликлар юзага келтирар эди.

“Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич ҳайдовчилар ва пиёдаларга бир қанча қулайликлар яратади. Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 131,6 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатилган”, - деб таъкидлашди президент матбуот хизматида.

Шунингдек, давлат раҳбари пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Янги шаҳар ва Боғишамол кўчаларини туташтирувчи янги кўприги очди.

“Умумий узунлиги 423, баландлиги 5,5, кенглиги 33 метр бўлган 8 полосали мазкур кўприк олти ойда қуриб битказилди. Мазкур кўприк Тошкент халқа йўли ва Амир Темур шоҳкўчасида тирбандликни камайтириш, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олишни таъминлайди”, - деб қўшимча қилишди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: