Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида бунёд этиладиган кўнгилочар истироҳат боғи қурилиши билан танишди

Дата: 21:56, 26-05-2017.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманининг Белтепа ва Жарариқ кўчалари кесишган жойда барпо этилаётган кўнгилочар истироҳат боғи қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

“Боғ ҳудуди 10 гектар бўлиб, бу ерда кўнгилочар масканлар, замонавий аттракционлар, бионик айвонлар, қишки боғ, чархпалак, мусиқали фавворалар, скейтборд ва чанғи учиш жойлари, велосипед йўлаклари, истироҳат боғи бўйлаб дор йўли, кафелар, 5 қаватли автомобиллар турар жойи қурилиши режалаштирилган”, - дейилади жума кунги хабарда.

Таъкидланишича, лойиҳани амалга ошириш учун биринчи босқичда $18 млн, иккинчи босқичда $22 млн маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

“Боғнинг биринчи босқичини 2018 йилда, иккинчи босқичини 2019 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Кўнгилочар боғ тўлиқ ишга тушгач, 350 киши иш билан таъминланади”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: