Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги муаммоларни жойларда ҳал қилишни талаб қилди
Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги муаммоларни жойларда ҳал қилишни талаб қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу талаб давлат раҳбари томонидан 11 апрел куни унинг раислигида ўтган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши доирасида очиқланди.
Таъкидлангани каби, йил бошидан буён Виртуал қабулхонага 315 мингта мурожаат келиб тушган. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 47 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинган ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.
“Шу билан бирга, жойларда баъзи раҳбарларнинг аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати сайтида жойлаштирилган хабарда.
Шундан кейин қайд этилишича, йиғилишда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, бош вазир А.Арипов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергановга кўплаб мурожаатлар, айниқса, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бир ой муддатда ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан комплекс таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди.