Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг 2017 йилги бюджет ва солиқ сиёсатига бағишланган мажлисини ўтказди

Дата: 16:58, 13-10-2016.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилги бюджет ва солиқ сиёсати лойиҳаларини ишлаб чиқишга бағишланган мажлисини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мажлисда мамлакатнинг келгуси йилга мўлжалланган муҳим молиявий-иқтисодий хужжатлари – 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсткичлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, давлат бюджети ва янги иш жойлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогнозлари муҳокама қилиниб, қўшимча чоралар ишлаб чиқилди”, - деб таъкидланади ҳукумат матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, келаси йилда солиқ юкини қисқартириш бўйича муҳим чоралар орасида баъзи солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатани чўзиш кўзда тутилмоқда. Бу чора айрим солиқ тўловчилар тоифаларига молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга, ва бўшаган маблағларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга, ишчилар маошларини оширишга йўналтириш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳукумат аъзолари 2017 йилги Давлат бюджети харажатларининг асосий параметрларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ишлаб чиқилган Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий харажатларни молиялаштиришга қарийб 60 фоиз маблағлар ажратилиши ушбу лойиҳада юқори ижтимоий йўналтирилганлик сақланиб қолгани қайд этиб ўтилди.

Келгуси йилда бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорларини янада ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базаси ва жиҳозланганлигини мустаҳкамлашга оид ишларни давом эттириш назарда тутилмоқда.

Бандликни ошириш бўйича чора-тадбирларни фаол давом эттиришнинг муҳимлиги ва ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда республика Ҳукумати мажлисида 2017 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси параметрлари ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди.

“Дастур лойиҳаси республика иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларида мавжуд ресурс ва захираларни тўлиқ сафарбар қилиш, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма соҳасини модернизациялаш ва ривожлантириш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уй меҳнатининг барча шаклларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида мамлакат аҳолисининг бандлигини янада оширишни кўзда тутади”, - дейилади хабарда.

Республика Ҳукумати мажлисидаги муҳокамалар натижалари бўйича 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари маъқулланди ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: