Шавкат Мирзиёев Қувайт бош вазири ўринбосари билан учрашув ўтказди

Дата: 14:46, 19-10-2016.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Кеча, 18 октябрда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев Қувайт бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, шайх Сабаҳ Холид ал-Хамад ас-Сабаҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар қилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида ушбу учрашув икки томонлама дўстлик робитасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

“Ўзбекистон ва Кувайтнинг қатор минтақавий ва халқаро масалаларга ёндашув ва қарашлари ўхшаш, кўп жиҳатдан бир-бирига яқиндир. Икки давлатнинг долзарб муаммоларни ечиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига қараши бир хил”, - дейилади хабарда.

Шундан сўнг, учрашувда Ўзбекистон – Қувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Комиссияга икки томондан ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинлангани Ўзбекистон ва Кувайтнинг катта интилиш ва алоҳида иштиёқ билан ишга киришаётганидан далолат беради.

Эслатиб ўтамизки, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати $60,6 млнга тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобил йўлларини таъмирлаш соҳаларида $72,5 млнлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: