Шавкат Мирзиёев ва Дмитрий Медведевлар Тошкентда музокаралар ўтказдилар
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга расмий ташриф билан келган РФ ҳукумати раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Суҳбат чоғида жорий йилнинг апрель ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар, икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари, жумладан, октябрь ойида МДҲнинг Сочи саммити доирасидаги мулоқоти стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга кучли суръат бағишлагани, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.
“Кўп қиррали Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди”, деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Мамлакатларимиз шериклик муносабатлари ва ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Дмитрий Медведев Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.