Шавкат Мирзиёев янги бош вазир Абдулла Ариповнинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берди

Дата: 14:12, 15-12-2016.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги бош вазир Абдулла Ариповнинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз бу масалани муҳокама қилдик, ўзаро маслаҳатлашдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича кенгашдик. Муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман”, - деб иқтибос келтиради маҳаллий ОАВ Шавкат Мирзиёевнинг 14 декабрдаги бош вазир лавозимига номзодни тасдиқлашга доир Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасига асосланган ҳолда.

Ш.Мирзиёев Арипов касб маҳорати, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари билан ажралиб туришини таъкидлади.

“Энг асосийси у жойларда масалаларни мустақил ҳал қилади ёки уларни ечишга доир таклифлар беради”, - деди президент Арипов ҳақида.

Шунингдек, у Абдулла Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш каби фазилатларини қайт этди.

“Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир”,- деб таъкидлади давлат раҳбари.

Олдин хабар берилгани каби, 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига тантанали киришишига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ш.Мирзиёев ўзбек халқига қасамёд қилиб, мамлакат президенти вазифасини бажаришга киришди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаётган Абдулла Арипов мамлакат бош вазири этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамизки, 4 декабрда Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Уларда Ш.Мирзиёев 88,61% овоз билан ғолиб бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: