Шавкат Мирзиёев янги форматдаги геология-қидирув ишлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди

Дата: 10:40, 02-07-2019.

Тошкент. 2 июль. ЎзТАГ - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020-2021-йилларга мўлжалланган янги форматдаги геология-қидирув ишлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ш.Мирзиёев 1 июль куни геология соҳасини янада ривожлантириш, геология-қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича ишлар кўламини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

"Мамлакатда 73 турдаги фойдали қазилмалар захиралари эга бўлган 2 мингдан ортиқ конлар мавжуд. Улардан 437 таси ўзлаштирилмаган. Янги истиқболли конларни ўрганиш етарли даражада эмас. Тадқиқот ишларига жалб қилинган ускуналарнинг 70 фоизи эскирган", – дейилади хабарда.

Йиғилишда соҳага сармоя жалб этиш ва хомашёни қайта ишлаш бўйича ишларнинг сустлиги ҳам таъкидланди. Айни пайтда 111 та истиқболли конларнинг атиги 14 тасида 39 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Йиғилишда геология-қидирув ва қазиб олиш бўйича солиқ ставкаларини оптималлаштириш, ушбу ишларга йўналтирилаётган бюджет маблағлари самарадорлигини ошириш, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

"Хорижий экспертларни жалб этган ҳолда геология-қидирув ишларини молиялаштириш тизимини ислоҳ қилиш, бу амалиётга энг илғор тажрибани жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Геология-қидирув ишлари дастурини 2020-2021 йилларда мутлақо янги форматда ишлаб чиқиш, соҳанинг моддий-техник базасини янгилаш вазифаси топширилди", – дея таъкидланади хабарда.

Шунингдек, минерал хомашё базасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, жумладан, конлар захираси ҳисобини ва маълумотлар очиқлигини JORC кодекси талабларига мувофиқ таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

"Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси олдига янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ва улар ҳақидаги маълумотларни идоравий веб-сайтларга жойлаштириш, хориждаги бизнес-тадбирлар ва роуд-шоуларни ташкил этиш орқали салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб бориш вазифаси қўйилди", - дея қайд этилади хабарда.

Бундан ташқари, вольфрам, графит ва талаб юқори бўлган бошқа фойдали қазилмалар конларини ўзлаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш, бу йўналишда камида 20 лойиҳани амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, мутасаддилар соҳанинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳисобот бериб, йиғилишда қўйилган вазифалар ижроси ҳақида ахборот бердилар.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: