Шавкат Мирзиёев Юнусобод метро линиясининг икки станцияси қурилишини якунлашни топширди

Дата: 14:17, 21-09-2016.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев Юнусобод метро линиясининг икки станцияси қурилишини якунлаш ҳақида топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У ушбу топшириқни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг ҳолати билан бевосита танишиш доирасида берди.

“Хусусан, Юнусобод туманидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кўрсатмаларига биноан Тошкент метрополитени йўлларини замонавий йўлсозлик ва туннелсозлик технологияларини жорий этиш орқали давом эттириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтига жойлаштирилган хабарда.

Хусусан, деб таъкидланади хабарда, “Юнусобод йўналишидаги 2 та бекатда қурилиш ишларини якунлаш, янги ер ости ва ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш масалалари юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: