Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланиши муносабати билан табриклар олди

Дата: 15:38, 14-12-2016.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланиши муносабати билан табриклар олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатимизда 2016-йил 4-декабр куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат арбобларидан самимий тилаклар билдирилган қутловлар келмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ТИВ сайтида жойлаштирилган хабарда.

“Сизни 4-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз билан чин дилдан самимий табриклайман. Буюк Британия ҳукумати ва шахсан мен мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш ва муносабатларни янада яхшилашни сабрсизлик билан кутиб қоламиз. Сизга ва Ўзбекистон халқига ўзимнинг энг яхши истакларимни йўллайман”, - деб ёзади Буюк Британия ва Шимолий Ирландия
Бирлашган Қироллиги Қироличаси Елизавета II.

“Буюк Британия ҳукумати сўнгги ойларда Сиз бошлаб берган ислоҳотларга асосланган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонади. Сиз билан ҳамкорликда Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришга тайёрмиз”, - деб таъкидланади Буюк Британия Бош вазири Тереза Мейнинг мактубида.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Швейцария Конфедерацияси Президенти Йоханн Шнайдер-Амманн, Словакия Республикаси Президенти Андрей Киска, Мўғулистон Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти ва Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Жон Керри, Япониянинг собиқ Бош вазири Йоширо Мори, ОДКБ Бош котиби Николай Бордюжа, Бельгия сенатори Алан Дестекс, Франциядан Европарламент депутати Жан-Люк Шаффаузер, Россия Давлат Думаси депутати Артур Таймазов, Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, бош муфтий Шайх-ул-ислом  Талгат Сафа Тожиддин, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаш ҳамраиси Шайх-ул-ислом Оллоҳшукур Пошшозода, Европа пойтахтлари университетлари ассоциацияси президенти профессор Лучиано Сасо, Бухоро яҳудийлари жаҳон конгресси президенти Лев Леваев, Европа менежмент ва технологиялар мактаби президенти Йорг Рохолл, Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси бошқаруви раиси Вольфганг Бюхеле, "Кнауф" компанияси ҳаммуассиси Николаус Кнауф, “Лемкен” компанияси ижрочи директори – Антони ван дер Лей, Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзоси, «Класс» компанияси мустақил консультанти Удо Фёлькер, Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори, “Дойче Кабель Тошкент” қўшма корхонаси инвестори Фальк Порше, "КДБ Банк Ўзбекистон" Ўзбекистон – Корея банки бошқаруви раиси Ким Ин Жулардан ҳам қутловлар олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: