Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилган транспорт коммуникациялари лойиҳаларини санаб ўтди

Дата: 16:11, 16-01-2017.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг  кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Ўзбекистонда амалга оширилган транспорт коммуникациялари лойиҳаларини санаб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фарғона водийси вилоятларини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган, Қамчиқ тоғли довони орқали ўтувчи 19 километрлик ноёб туннелга эга бўлган электрлаштирилган янги Ангрен – Поп темир йўл линияси қурилди. Тошкент – Бухоро маршрути ва қарама-қарши йўналиш бўйича юқори тезланишли “Афросиёб” йўловчи ташувчи электропоездлар ҳаракати ташкил этилди”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамизки, Қамчиқ тоннели – Қамчиқ довонидаги Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг қолган жойлари, Қирғизистон ва Хитой билан боғловчи темир йўл тоннелидир. Бу собиқ ССРИ ва Марказий Осиёдаги энг йирик шу каби иншоотдир. Тоннел жаҳон рейтингида мураккаблиги бўйича 8-ўринни, темир йўл полотноси узунлиги бўйича 13-ўринни эгаллайди.

Тоннел қурилиши бўйича ишлар 2013 йилда бошланган. Йўлда ҳаракат 2016 йил 27 августда бошланди.

Қурилишнинг бош пудратчиси хитойнинг China Railway Tunnel Group компаниясидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: