Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли фармонига асосланган ҳолда.
Хужжатга мувофиқ, сиёсий бошпана Ўзбекистон миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқлиги шахсларга мамлакат Қомуси, қонунлари ҳамда умумтанолинган ҳалқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида тақдим этилади.
“Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади”, - дейилади давлат раҳбари сайтида эълон қилинган хабарда.
Таъкидланишича, сиёсий бошпана берилган шахс ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон ҳудудида мамлакатнинг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган республикада доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларга амал қилади.
“Агар шахс: Ўзбекистонда жиноят деб тан олинадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун таъқиб этилаётган ёки БМТнинг асосий мақсад ва принципларига зид ҳаракатлар содир этишда айбдор бўлса; айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган ёки унга нисбатан қонуний кучга кирган ва Ўзбекистонда ижро этилиши лозим бўлган суднинг айблов ҳукми мавжуд бўлса; таъқиб қилиниш хавфи бўлмаган учинчи давлатдан келган бўлса; у таъқиб қилинмаётган учинчи давлатнинг фуқаролигига эга бўлса; била туриб ёлғон маълумотлар берган бўлса; иқтисодий, экологик ёки ижтимоий сабабларга кўра, шунингдек табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар муносабати билан фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатига қайтиш имкониятига эга бўлмаса ёки қайтишни хоҳламаса Ўзбекистонда сиёсий бошпана берилмайди”, - дейилади хужжат матнида.
Фармонга мувофиқ, мурожаатларнинг тегишли органларда кўриб чиқиш муддатлари 1 йилдан ошмаслиги зарур.
Ш.Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда 2 ой муддатда Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотлар базасини шакллантириш бўйича топшириқ берди.