Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкини “ишончли ва стратегик ҳамкор” деб атади

Дата: 14:33, 21-09-2017.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашув доирасида Жаҳон банкини “ишончли ва стратегик ҳамкор” деб атади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати берган хабарга кўра, Ўтган йили қабул қилинган 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати $4 млрддан иборат, шундан $3 млрди Жаҳон банки кредитларидир. 

Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 

Учрашувда Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди. 

Ш.Мирзиёев ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг улкан тажрибаси қўл келиши, Ўзбекистон банк билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.  

Мамлакатда самарали микромолиялаш тизимини жорий этиш, ирригация-дренаж ва йўл-транспорт инфратузилмаларини модернизация қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: