Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея –Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашди

Дата: 12:08, 23-11-2017.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ –  Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбари матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Учрашувда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг форум иштирокчиларига қутлови ўқиб эшиттирилди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётганини қайд этди. Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади”, - дейилади хабарда. 

Жанубий кореялик молия ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда фаол бизнес юритиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилдилар. 

“Сўзга чиққанлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожида жанубий кореялик сармоядорлар фаолияти муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Юртимизда мазкур мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, қазиш, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика ҳамда туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда”, - дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамизки, 22-25 ноябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: