Шавкат Мирзиёев жиноятларнинг сабаблари, уларнинг шарт-шароитлари ва омилларини ўрганишга чақирди

Дата: 14:18, 10-02-2017.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жиноятларнинг сабаблари, уларнинг шарт-шароитлари ва омилларини ўрганишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 9 февралда ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Унинг фикрига кўра, ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда жиноий ишларни одилона ва сифатли тергов қилиш, шахснинг жиноий қилмишига муносиб, адолатли ҳуқуқий баҳо бериш муҳим ўрин тутади. Лекин тергов идоралари ихтиёрида қисқа муддатда тезкор қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд эканига қарамай, қўшимча суриштирув ёки тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатни узайтириш, чўзиш, фуқароларни сарсон қилиш каби салбий амалиёт ҳамон учрамоқда.

Шавкат Мирзиёев тергов ва айблаш билан чекланмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларни ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Яна бир ташвишли ҳолат: хориждаги фуқароларимизнинг аксарияти ишлаш мақсадида юртимиздан кетган, лекин уларнинг айримлари турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмоқда. “Чет элга иш қидириб кетган фуқароларни аниқлаш ва қайтариш, маҳалла раислари, маънавият-маърифат марказлари, имом-хатиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда аҳоли орасида диний экстремизмнинг салбий оқибатларини тарғиб қилиш борасидаги ишлар замон талаби даражасида эмас”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилишни таклиф этди. “Шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради”, - деб хулоса қилди президент.

Янгилик билан ўртоқлашиш: