Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи 6 сентябрга режалаштирилди
Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи 6 сентябрга режалаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Сапар Исаков ва Абдулла Ариповлар 30 август куни ўзбек тарафи ташаббуси билан телефон мулоқоти ўтказдилар. Унда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
А.Арипов қирғиз ҳамкасбини Қирғизистон ҳукумати раҳбари лавозимига тайинлангани билан табриклади ва унга ишида муваффақиятлар тилади.
Ҳукумат раҳбарлари савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, чегара масалалари кўриб чиқдилар.
Шунингдек, тарафлар кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳамкорликка тайёрликларини билдирдилар.
Бундан ташқари, С.Исаков ва А.Ариповлар Ш.Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи масаласини муҳокама қилдилар. Ташриф 2017 йилнинг 6 сентябрига мўлжалланган.