Шерзод Шерматов Ўзбекистон иқтисодиётининг реал тармоғига эмас, халқ таълимига сармоя қилишга чақирди

Дата: 16:35, 13-07-2018.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иқтисодиётининг реал тармоғига эмас, у бошқараётган халқ таълими тизимига сармоя қилишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Президентимиз томонидан ўқитувчиларнинг жамиятдаги ролини тубдан қайта кўриб чиқш бўйича аниқ вазифа қўйилди. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Афсуски, ҳозирги вақтда республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимлари очиқлигича қолмоқда ва 66 минг нафардан ортиқ олий маълумотсиз педагоглар ХТВ тизимида фаолият юритишмоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30%дан кам, Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10%ни ташкил этади”, - деб ёзди вазир Facebookдаги саҳифасида.

Охирги уч йилликни сарҳисоб қилсак, халқ таълими соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг пастлигича қолиб, энг кам ўсиш суръатларига эга бўлган, деб давом этди Шерматов. “Масалан, халқ таълими соҳасидаги ўртача ойлик молия соҳасиникига нисбатан кейинги уч йилда 48%дан 42%гача тушган”, - деб ёзади вазир.

Унинг сўзларига кўра, “мактаб ўқитувчиларига мажбурий обуна қилдириш (200дан ортиқ газета-журналларга), турли хил тадбирларга мажбурий чипталар сотиш, аттестация ўтказиш ва ҳ.к. учун маошидан яна бошқа турли хил мажбурий ушланмалар олиб қолиниши натижасида ўқитувчиларнинг иқтисодиёт бошқа соҳалари маошлари билан солиштирганда шундай ҳам кам бўлган ойлик маошлари унданда камайишига олиб келмоқда”, - деб таъкидлади Шерматов.

Фарзандларини асосий вақтини мактабда ўтказишини инобатга олган ҳолда айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болалар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишимиз керак, деб давом этди вазир. “Япония, Сингапур, Корея каби давлатларнинг ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг мақоми юқорилиги ва ойликлари баланд қилиб белгилангани, шу муносабат билан ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар тўғри келганлигидадир”, - деб аниқлаштирди Шерматов.

“Шу сабабли, ҳурматли молиячиларимиздан Президентимиз томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, буни қилмаслик учун турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз. Халқ таълими тизимида вазиятни ҳақиқатдан ўнглаш учун соҳадаги маошларини бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар ошириш зарур”, - деди вазир.

Давлат иқтисодиётнинг реал тармоғида ёмон бошқарувчи эканлигини бир йиллар давомида самарасиз бўлган миллиардлаб долларлик марказлашган манбалар ҳисобидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари мисолида кўрса бўлади, деб таъкидлади Шерматов. Яна эски хатони такрорлашнинг нима хожати бор? Шу сабабли ҳам давлат айнан таълимга марказлашган сармоялар киритишга эътибор қаратиши, иқтисодиётнинг реал тармоғига эса хусусий ва тўғридан тўғри сармоялар йўлланиши учун қулай муҳит яратиши зарур”, - деб таклиф қилди вазир.

Шерматовнинг фикрига кўра, ёшлар билим олишга қизиқишлари ортиши учун ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини ўз кўзлари билан кўришлари керак, уна шунда ўзгариш бўлади, шу жумладан, ўқувчиларнинг мактабга қизиқишида ҳам. “Лекин ҳозир жойларда ўртача ўқитувчининг шароити билан ўртача молиячининг шароитини солиштириб бўлармикин.”, - деб хулоса қилди вазир.

Сурат манбаи: http://mulohaza.uz/?p=6166

Янгилик билан ўртоқлашиш: