Швеция элчиси Ўзбекистондаги миссиясини якунламоқда

Дата: 11:30, 16-07-2015.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатда ўз миссиясини якунлаётган Швеция Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Аке Петерсон билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ хабар қилишларича, суҳбат давомида икки томон кун тартибидаги масалалар, турли соҳалардаги ҳамкорликнинг, жумладан “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” шаклидаги, БМТ, ЕХҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар муносабатларни институтлаштириш ва унга тизимли тус бериш, Ўзбекистон ва Швеция ишбилармон доиралари бевосита алоқалари иштирокчилари таркибини кенгайтириш, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни фаоллаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидладилар.

Учрашувда элчининг Ўзбекистон-Швеция мулоқоти ривожига қўшган шахсий ҳиссаси таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида Аке Петерсон Ўзбекистондаги дипломатик миссиясида кўрсатилган кўмак учун ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳор этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: