Швейцария Гулнора Каримованинг “музлатилган” ҳисоб рақамидан Ўзбекистонга $133 млндан ортиқ маблағни қайтаради

Дата: 10:42, 25-06-2019.

Тошкент. 25 июнь. ЎзТАГ – Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримованинг ”музлатилган” ҳисоб рақамларидан Ўзбекистонга $133 млндан ортиқ (130 млн швейцария франки) маблағини қайтаришини маълум қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Швейцария ҳукумати порталига кўра, прокуратура компаниядан, хусусан, Ўзбекистон бозорига кириш ва ўз фаолиятини давом эттиришни истаган чет эллардан ноқонуний равишда катта миқдорда пул олиш схемалари мавжудлигини исботламоқда.

"Ушбу схема доирасида маблағлар чет элда, биринчи навбатда Швейцарияда “ювилган”. Тергов натижаларига кўра, 130 млн “музлатилган” швейцария франклари ($133 млндан ортиқ) Ўзбекистонга қайтарилади", - дейилади хабарда.

Қайд этилганидек, 2012 йилнинг ёзида Швейцария федерал прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Гулнора Каримова ҳисоб рақамларида 800 миллион швейцария франки ($784 млнга яқин) “музлатилган” эди. 650 миллиондан ортиқ швейцария франки музлатилган тарзда қолмоқда, чунки ҳозирги вақтда беш нафар гумондор ҳали тергов остида.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Гулнора Каримова қизи Имоннинг онасининг номидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган шахсий активлардан қарийб $1,2 млрдни қайтарганини маълум қилган.

Сурат манбаи: almaty.tv

Янгилик билан ўртоқлашиш: