Си Цзиньпин Ўзбекистонга расмий ташриф буюради
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ –17-22 июн кунлари ХХР раиси Си Цзиньпин Сербия, Польша ва Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширади, деб хабар беради ЎзТАГ.
Синьхуа агантлиги маълумотларига кўра, Си Цзиньпин ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида ҳам иштирок этади.
“Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан ХХР раиси Си Цзиньпин 23-24 июнда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкентдаги 15-саммитида ҳам қатнашади”, - деди ХХР ТИВ вакили Лу Кан душанба кунги брифингда.
Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.
Ташкилотнинг 2015 йил июлда бўлиб ўтган Уфа шаҳридаги саммитида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Шунингдек, Уфа шаҳридаги саммитда ташкилотда раислик Россиядан Ўзбекистонга ўтган эди.