Сингапур компаниялари Тошкентда таълим шаҳарчаси ва халқаро мактаб ташкил этишни режалаштирмоқда
Тошкент. 29 август. ЎзТАГ - Сингапур компаниялари Тошкентда таълим шаҳарчаси ва халқаро мактаб ташкил этишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Сингапурнинг «Kinder World International Group» (KWIG) компанияси Тошкент шаҳрида болалар боғчаси ва умумтаълим халқаро мактаб ўз ичига олган мактаб қуришни режалаштирмоқда, шунингдек, Сингапурнинг «Pegasus Education Group Pte. Ltd.» (PEGPL) компанияси Singapore Education Metropolis (SEM)» таълим шаҳарини ташкил этишни режалаштирмоқда", – дейилади Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, ХТВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва KWIG томонидан Тошкент шаҳрида болалар боғчаси ва умумтаълим мактабини ўз ичига оладиган халқаро мактабни ташкил этиш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатда 5 гектар ер майдонида 2 минг ўқувчи учун "Халқаро мактаблар" ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ХТВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Сингапурдаги PEGPLкомпанияси SEM таълим шаҳарини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ҳужжатда 50 гектар ер майдонида узлуксиз таълим олиш (lifelong learning)ни мақсад қилган SEM таълим шаҳарини яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, иккала лойиҳа доирасида Сингапур таълим тизимини фаол жорий этиш режалаштирилган.
Сурат манбаи: uzedu.uz


