Сингапур компанияси Самарқанддаги энг йирик меҳмонхонани сотиб олади ва уни реконструкция қилишга $12 млн киритади

Дата: 13:38, 08-09-2018.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Сингапурнинг Exim Investments Ple LTD компанияси Самарқанддаги энг йирик меҳмонхонани сотиб олади ва уни реконструкция қилишга $12 млн киритади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон ҳукуматининг “Афросиёб-палас” меҳмонхонасини реконструкция қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Хорижликлар меҳмонхонани унинг атрофидаги 1,9 гектар ёндош ҳудудлар ҳамда бутун бино ва иншоотлари билан биргаликда қолдиқ қиймати бўйича сотиб оладилар. Ҳужжатга мувофиқ, инвестор Afrosiyob Palaceнинг давлат бюджети, давлат мақсадли фондлари, бошқа кредит берувчилар олдидаги ва иш ҳақи бўйича қарзларини тўлаб беради.

Exim Investments Ple LTD меҳмонхонага $12 млн киритади ва ўзбекистонликлар учун 100 янги иш ўрни яратади. Меҳмонхона реконструкцияси 2019 йил 1 ноябрда тугалланиши керак.

Эслатиб ўтамизки, Afrosiyob Palace 1996 йилда ҳиндистонлик қурувчилар томонидан шарқона услубда қурилган. 2007 йилда меҳмонхона қайта таъмирланган бўлиб, ўшандан бери давлатга тегишли эди.

Сурат манбаи: https://www.people-travels.com/uzbekistan-hotels/samarkand-hotels/afrosiyob-palace-hotel-samarkand/photos-of-afrosiyob-palace-hotel.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: