Сирдарё вилоятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича $600 млнлик завод қуриш режалаштирилмоқда

Дата: 11:37, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган аммиак ва карбамид заводи қурилиш майдонида бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Samsung Engineering компанияси билан ҳамкорликда аммиак ва карбамид заводи қуриш режалаштирилган. Умумий қиймати $600 млн бўлган мазкур заводда йилига 400 минг тонна аммиак, 660 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. АҚШ ва Япониядан энг замонавий технологиялар келтириб ўрнатилади, “ноу-хау”лар қўлланилади. 500 доимий иш ўрни яратилади”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида. 

Қайд этилишича, бу ерда табиий газ манбаи, электр ва сув таъминоти тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар бор. 

Ш. Мирзиёевга бўлажак корхонанинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш ишлари жадвали ҳақида маълумот берилди. Президент завод маҳсулотлари ички талабни қондириш ва ташқи бозорларга чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалик соҳасида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Улар орасида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, уруғчилик ва узумчилик, сувни тежаш технологиялари бўйича лойиҳалар, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш кабилар бор. Уларнинг малга оширилиши минглаб иш жойлари ташкил этишга имкон беради.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: