Сирдарё вилоятида асосан қишлоқ жойларда 342 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 13:45, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Сирдарё вилоятида асосан қишлоқ жойларда 342 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

“Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг саноат ва хизмат кўрсатиш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, қишлоқ туманларда саноат деярли йўқ эканини қайд этди. Шу боис махсус ишчи гуруҳ юборилиб, 342 та ўрта ва йирик инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилганини таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, хусусан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси ва Фарҳод гидроэлектр станциясини модернизация қилиш, Сардоба сув омборида кичик гидроэлектр станцияси қуриш бўйича жами $275 млнлик учта лойиҳани амалга ошириш бошланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Хитой, Италия ва Қозоғистондаги элчилари томонидан ўттизга яқин лойиҳа бўйича аниқ таклифлар шакллантирилган. Президент вилоятга қўшимча инвестициялар олиб келиш, тадбиркорлик ташаббусларини юзага чиқаришга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, йиғилишда маънавият, маданият, таълим-тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари кейинги йилларда анъанага айланган хайрли ишларни давом эттирган ҳолда, Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ташкил қилишни таклиф этди. Йиғилганлар бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: