Сирдарё вилоятида бирданига 4 туман ва 2 шаҳар ҳокимлари алмаштирилди

Дата: 17:51, 24-10-2016.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Сирдарё вилоятида бирданига 4 туман ва 2 шаҳар ҳокимлари алмаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) вилоят ҳокимияти сайтига асосланган ҳолда.

Хабарда таъкидланишича, бу қарор Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба ва Сирдарё туманлари Халқ депутатлари кенгашининг навбатлан ташқари йиғилиши якуналари бўйича қабул қилинган.

Вилоят ҳокими Ойбек Ашурматовнинг таклифига кўра, Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Исматуллаев Гулистон шаҳрига, “Ўзбекенерго” акциядорлик жамияти электростанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон Бегалиев Ширин шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти Зомин тумани “Автосаноат-агро-Жиззах” МЧЖ раиси Хамрабай Раззоқов Оқолтин туманига, Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига, Сирдарё вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Шукурулло Турсунов Сардоба туманига, “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Собиржон Назаров Сирдарё туманига ҳоким этиб тайинланди.

Сессия ишида Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармуҳаммедов иштирок этган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1 октябрида Сирдарё вилоятига ташриф буюрган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: