Сирдарё вилоятида тожикистонлик келин ҳам ўзбек фуқаролигини олди

Дата: 15:58, 10-04-2017.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида тожикистонлик келин ҳам ўзбек фуқаролигини олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шу муносат билан вилоят марказида бир гуруҳ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикасининг паспорти тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президентнинг 2017 йил 22 февралдаги фармонига асосан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимиз қаторида сирдарёлик Нигора Тоирова ҳам бор.

У асли Тожикистон Республикасида туғилган бўлиб, ўша ерда ўрта мактабни тамомлаган. Ўзбекистонга келиб, Янгиер шаҳар тиббиёт коллежига ўқишга кирди. 2011 йил коллежни битиргач, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада амалиёт ўтади ва сўнгра ишга кирди. Нигора Янгиер шаҳрида Шукурулло Насриддинов билан турмуш қурди.

Эрининг оиласи келин Ўзбекистон фуқаролигини олганидан хурсанд. Нигоранинг қайнонаси Пайваста Насриддинованинг таъкидлашича, унинг қаерда туғилгани муҳим эмас. Асосийси, Нигора янги хонадонга келин эмас, қиз бўлиб кирди.

Мамлакатнинг янги фуқароси паспортни Сирдарё вилояти ҳокими Ғуломжон Мирзаевнинг қўлидан олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: