Сирдарёда қиймати $200 млнлик пахта-текстиль кластерини яратиш режалаштирилмоқда

Дата: 18:15, 06-07-2017.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – 2017-2021 йилларда Сирдарё вилоятида қиймати $200 млнлик пахтачилик-текстиль кластерини яратиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу 10 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини беради. Ишга шу йўналишга ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилади. Мазкур маълумотлар “Бек” ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Улуғбек Сотиболдиев томонидан маълум қилинди.  

“Бек” ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли корхона ва ташкилотларда тайёрланаётган маҳсулотлар юқори сифати билан аҳолига манзур бўлмоқда. Ушбу йирик ишлаб чиқариш бирлашмаси таркибида “Gul-ren-teks”, “Tekstil market”, “Даврон Шавкат Савдо” масъулияти чекланган жамиятлари, “Гулистон медтехника”, “Сарбонтекс”, “Орзу текстиль СВ”, “Сирдарынский берег” қўшма корхоналари, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик, узумчилик, паррандачилик ва йилқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд. Бирлашма тасарруфидаги корхона ва фермер хўжаликларида 3 мингга яқин ёшлар меҳнат қилаётир. 

 Эслатиб ўтамизки, кластерни яратиш зарурияти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ўртага ташланган эди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: