Словакия ТИВ Термиз шаҳрида афғонларни ўқитиш марказига 10 минг евро ажратди

Дата: 13:41, 21-05-2019.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Словакия ТИВ Термиз шаҳрида афғонларни ўқитиш марказига 10 минг евро ажратди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"20 май куни Ўзбекистон ТИВ Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, расмий ташриф билан Тошкент шаҳрига келган Словакия Ташқи ишлар ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак билан учрашди", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, учрашувда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳозирги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ЕХҲТ ва унинг институтлари билан кун тартибидаги барча масалалар бўйича янада фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидладилар. Шунингдек, суҳбатда минтақавий хавфсизлик, жумладан, Афғонистондаги вазият, Ўзбекистон-Словакия алоқаларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Вазирлар "Ўзбекистон–Европа Иттифоқи" форматидаги ҳамкорликни, "Вишеград гуруҳи + Марказий Осиё" мулоқотини, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни таъкидладилар.

"Музокарадан сўнг М.Лайчак томонидан Термиз шаҳрида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 10 минг евро миқдоридаги чекни топшириш маросими бўлиб ўтди", - деб якунланади хабарда.

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: