Соғлиқни-сақлаш тизимида 11 мингдан зиёд кадрлар етишмаяпти

Дата: 17:30, 06-01-2018.

Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Бугунги кунда Ўзбекистон  даволаш-профилактика муассасалари тизимида 11 мингдан зиёд вакант ўринлар мавжуд бўлиб, бундан 3462таси штат умумий амалиёт шифокорлари, 8217таси тор мутахассисликлардир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса Ахборот хизматига ссосланган ҳолда.

Бу ҳақида давлат раҳбарининг тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида ўрганиш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида аниқланди. 

Ушбу ўринларни тўлдириш мақсадида  Соғлиқни-сақлаш вазирлиги тарафидан қатор чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, ушбу ўринлар тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтириш орқали қопланиши белгиланди. Шу мақсадда тиббиёт олий таълими муассасаларининг битирувчилари ва клиник ординаторларининг ҳудудлар кесимида манзилли рўйхати шакллантирилди.

Натижада келажакда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 88%, тор мутахассисликлар бўйича эса 55% қопланиши кутилмоқда.

Режаларга кўра, ёш мутахассислар 2018 йил 20 январгача жойларда иш бошлашлари кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 12 декабрда президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни-сақлаш соҳасидаги долзарб вазифалар бўйича махсус йиғилиш ўтказган ва тизимдаги кардлар танқислиги масаласига эътибор қаратган эди.

 

Сурат манбаи: http://web.tma.uz/vop-ag/en/about-us/departstaff

Янгилик билан ўртоқлашиш: