Соғлиқни-сақлаш вазирлиги Сирдарёда сибирь куйдиргиси чиққанлигини тасдиқлади

Дата: 15:38, 08-08-2014.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон соғлиқни-сақлаш вазирлиги Сирдарё вилоятининг бир қатор аҳолиси сибирь куйдиргиси билан касалланганлигини ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади, деб хабар беради Газета.uz.

Касалланиш июл ойида содир бўлган бўлиб, бунга касалланган чорва молларининг ветеринар кўригисиз сўйилганлиги сабаб бўлган.

“Ҳарорат кўтарилиши билан республикада сибирь куйдиргиси ўчоқлари фаоллашди. Сирдарё вилоятининг Ховос туманида одамлар орасида сибир куйдиргисининг тери шакли билан касалланиш ҳолати ҳақиқатдан ҳам қайд этилди. Касалликнинг одамларга юқишига касалланган чорва молларининг ветеринар кўригисиз сўйилганлиги сабаб бўлган”, - дейилади Соғлиқни-сақлаш вазирлигининг нашр сўровига берган жавобида.

Сибирь куйдиргиси ташхиси Ховос туманидаги жами 9 кишига қўйилди. Юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда туманда тегишли эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилди, деб қайд этди вазирлик.

Санитар-эпидемиологик назорат ва ветеринария хизмати мутахассислари биргаликда ҳовлима-ҳовли кўрик ўтказдилар. Касалланганлар билан алоқада бўлганлар кузатув остига олинди. Берча уй чорва моллари кўрикдан ўтказилди ва сибирь куйдиргисига қарши эмланди.

Аҳоли ўртасида моллар ўртасида касалланганлик белгилари кузатилганда ветеринарга мурожаат қилиш, чорва молларини махсус сўйиш пунктларида сўйиш ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Республика эпидемияга қарши фавқулодда комиссиянинг мажлиси ўтказилди. Унда юқоридаги ҳолат юзасидан тегишли чоралар қабул қилинди, дейилади Соғлиқни-сақлаш вазирлиги жавобида.

Эслатиб ўтамизки, сибирь куйдиргиси ҳақидаги маълумотлар июл бошида хорижий ОАВларда пайдо бўлди. Соғлиқни-сақлаш вазирлиги сайтида бу тўғрисида ҳеч қандай хабар йўқ эди, деб ёзади Газета.uz нашри.

Янгилик билан ўртоқлашиш: