Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўрсаткич юқори эди – эксперт

Дата: 14:12, 11-12-2015.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ - Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи жуда юқори эди, чекка ҳудудларда ҳатто оддий ташхис қўйишга ҳам шароитлар йўқ эди, деб ҳисоблайди Республика перинатал маркази бош шифокори ўринбосари Шоҳида Бобожонова, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўша даврларда она ва чақалоққа юмшоқ қилиб айтганда эътиборсиз муносабат қилинар эди. Масалан, ҳомиладор аёлга бемор сифатида қаралиб, турли керакли-кераксиз дорилар бериларди. Чақалоқ дунёга келгач, она ва болани бир-биридан ажратиш, муайян муддатгача болани эмизмаслик каби ёндашувлар бор эди. Ёки болага сўрғич бериш, гўдакнинг талабига қараб эмас, муайян вақтларда эмизиш тавсия этиларди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни-сақлаш вазирлиги сайтидаги “Соғлом фарзанд – жамият бойлиги” номли мақолада.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий қадриятларига зид бундай тамойилларга бутунлай чек қўйилди. “Бола туғилган заҳоти она бағрига бериладиган бўлди. Чақалоқларни кўкрак сути билан озиқлантиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш, туғруқни қабул қилишда ҳам замонавий андозаларга таяниш муҳим мезон этиб белгиланди”, - деб таъкидлади Ш.Бобожонова.

Унинг сўзларига кўра, “Халқимиз, айниқса, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини амалиётга жорий этишга йўналтирилган ишлар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда”. “Натижада илгарилари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдириш қийин бўлган янги йўналишлар ва замонавий тиббий технологиялар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига изчил татбиқ этилмоқда”, - дейди Ш.Бобожонова.

Янгилик билан ўртоқлашиш: