Солиқчилар Ўзбекистон АКТ Ҳафталиги етакчиси деб топилди
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2015 йилги АКТ Ҳафталигида солиқ органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича биринчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ДСҚ маълум қилишларича, бу “Электрон ҳукумат” тизимини яратиш борасида ўтказилаётган ишларнинг натижасидир.
Давлат солиқ қўмитасининг ушбу йўналишдаги вазифаси солиқ хизматининг фискал органдан сервисга йўналтирилган муассасага айлантиришдан иборат. У давлат номидан солиқ тўловчилар билан ишончли муносабатларни йўлга қўйиш билан шуғулланиши зарур.
Давр талабига кўра, солиқ органлари фаолиятининг устивор йўналиши барча давлат хизматларини интерактив шаклга ўтказиш, электрон хизматлар сонини кўпайтириб, сифатини яхшилаш, фуқаролар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига бошқа ахборот маслаҳат хизматлари кўрсатишдан иборат.


