“Сомон Эйр” Душанбе-Тошкент рейси авиачиптасининг нархи барча йиғимларни қўшган ҳолда $140 бўлишини маълум қилди

Дата: 16:40, 01-02-2017.

Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Тожикистонда “Сомон Эйр” авиакомпанияси Тошкентгача чипталар нархининг ўзгаргани ҳақида маълум қилди, деб хабар беради чоршанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Душанбе-Тошкент рейси авиачиптасининг нархи бир томонга йиғимларни қўшган ҳолда 1164 сомонийни ($140) ташкил қилади. Ушбу нарх, энг аввало, Тошкент аэропортида бир йўловчига хизмат кўрсатиш $76ни ташкил этиши билан белгиланади. Ўзбекистон пойтахти аэропортида хизмат кўрсатишга чегирмалар олинган тақдирда ушбу йўналишдаги тарифлар камайтирилиши имконияти кўриб чиқилади”, - деб хабар беради “Сомон Эйр” матбуот хизмати.

Аавиакомпанияда Тошкент аэропорти билан музокаралар натижасида нархлар камайтирилиши мумкинлигига умид билдирган.

Таъкидлаб ўтамизки, бундан олдинроқ “Сомон Эйр” сайтидаги онлайн авиачипталар бўлимида Тошкентгача рейс учун чипта баҳоси 177 евро, Тошкентдан Душанбегача рейс учун чипта баҳоси эса 200 евродан ҳам кўп қилиб кўрсатилган эди.

Эслатиб ўтамизки, “Сомон Эйр” Тошкентга синов рейсини 10 февралда амалга оширади. Унда авиакомпания делегацияси тошкент аэропорти ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси вакиллари билан рейс очилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун келади.

Доимий рейс 20 февралдан бошлаб очилиши кутилмоқда. Компания қишки мавсум якунига Тошкентга ҳафтасига бир марта душанба кунлари учиш ниятида. Кейинчалик рейслар сони ҳафтасига икки мартага оширилиб, учишлар душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: