“Сомон Эйр”нинг самолёти Душанбедан Тошкентга 13.00да учади

Дата: 12:51, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Душанбе-Тошкент йўналишидаги авиарейс бугун амалга ошади. Бу ҳақида “Душанбе халқаро аэропорти” (ДХА) ОАЖ матбуот котиби Жамила Ҳусейнова маълум қилди, деб хабар беради ТожикТА.

“Душанбе-Тошкент йўналишидаги авиарейс бугун, 23 февралда амалга ошади”, - деб хабар берди Ж.Ҳусейнова.

Таъкидланишича, ДХА жадвалига мувофиқ, “Сомон Эйр” компаниясининг самолёти Тошкентга қараб 13.00да учади.

“Аэропортнинг барча хизматлари ушбу рейсга хизмат кўрсатишга тайёр”, - деди матбуот котиби.

Эслатиб ўтамизки, Душанбе-Тошкент йўналишидаги илк авиарейс 20 февралда учиши керак эди. Бортида 26 йўловчи бўлган самолёт учишга тайёр эди, аммо учиш амалга ошмади. Тожик томони Тошкент тожик самолётини “хавфсизлик сабабли” қабул қилишдан бош тортди, дея баёнот берди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон авиаҳукумати бунга зарур хужжатларни ўз вақтида етказиб бермаган тожик тарафи айбдорлигини маълум қилди.

“Сомон Эйр” бунга жавобан авиарейс ушбу авиакомпания айби билан учмаганини тан олди ва Тошкентдан кечирим сўради.

Шунингдек, “Сомон Эйр” авиарейснинг амалга ошмаганига сабабчи бўлган авиакомпания тижорат директори Алишер Рустамов ва бошқаларнинг ишдан четлатилганини маълум қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: