Спорт кураши бўйича осиё лицензион турнирида қатнашувчи Ўзбекистон термасининг таркиби маълум бўлди

Дата: 14:50, 17-03-2016.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Спорт кураши бўйича осиё лицензион турнирида қатнашувчи Ўзбекистон термасининг таркиби маълум бўлди. Ушбу турнир 18-20 март кунлари  Астанада (Қозоғистон) бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Спорт кураши ассоциациясидан маълум қилишларича, Бирлашган кураш дунёси (UWW) қоидаларига кўра, қитъа саралаш турнирларида фақат ҳар бир вазн тоифасидаги финалчилар Риога йўлланмани қўлга киритадилар.

Юнон-рум кураши бўйича мусобақаларда Елмурат Тасмурадов (59 кг), Арам Варданян (66 кг), Дилшод Турдиев (75 кг), Суҳроб Фаттоев (98 кг), Мўминжон Абдуллаев (130 кг) иштирок этади.

Эркин кураш бўйича эркаклар термаси таркибига Нодиржон Сафаров (57 кг), Рашид Қурбонов (74 кг), Умиджон Исманов (86 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг), Ҳасанбой Раҳимов (125 кг) кирди.

Эркин услубда курашда аёллар термаси таркибига Даулетбике Яхшимуратова (48 кг), Зуҳра Мустанова (53 кг), Саломат Кўчимова (58 кг), Нилуфар Гадоева (63 кг), Бахтигул Болтаниёзова (69 кг), Лалахан Оринбаевалар (75 кг) киришди.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирги пайтда Ўзбекистон жамоасида ушбу спорт тури бўйича икки лицензия мавжуд. Уларни 2015 йилги жаҳон чемпионати кумуш совриндорлари Ихтиёр Наврўзов (эркин кураш, 65 кг) ва Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши, 85 кг) қўлга киритишган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: