ССПда Ўзбекистонда биогаз энергетикасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Дата: 18:27, 15-12-2016.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – 14 декабрда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси “Ўзбекистонда биогаз энергетикасини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар беради ССП матбут хизмати.

Хабар берилишича, тадбирни ўтказишдан мақсад иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада биогаз энергетикасининг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу секторнинг ривожланиши ҳамда саноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кенг қўлланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли таклифларни тайёрлашдан иборат бўлди.

“Ўзбекистон катта ҳажмдаги газ, кўмир захираларига эга, аммо мазкур ресурслар чексиз эмас. Шу боис, ҳукумат ташаббуси остида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар доирасида асосан қуёш, шамол, биомасса каби энергия манбаларидан иборат бўлган муқобил энергетика секторини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, республикада, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида ёқилғи-энергияга бўлган эҳтиёжнинг тобора ўсиб бориши туфайли уларни барқарор равишда энергия билан таъминлаш масаласи долзарб тус олмоқда. Мазкур масаланинг ечими, қисман замонавий энергия тежайдиган ва энергия самарадорлигига эга технологиялар, жумладан, муқобил энергия манбаларидан автоном равишда энергия ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишга боғлиқдир.

“Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида муқобил энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи технологияларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда бу борада халқаро тажрибани таҳлил қилиш натижасида биогаз ишлаб чиқариш технологияси энг истиқболли технологиялардан бири сифатида қайд этилмоқда”, - дейилади хабарда.

Органик келиб чиқишга эга чиқиндилардан ишлаб чиқариладиган биогаз 50дан 70%гача метан – ёнувчи газдан иборат газлар аралашмаси ҳисобланиб, озиқ-овқат тайёрлаш, электр ва иссиқлик энергиясини (иссиқ сув ва иситиш) узатишда қўлланилиши мумкин. Биогаз ишлаб чиқариш давомида юзага келадиган чиқиндилар қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган юқори сифатли ўғит саналади.

Мавжуд маълумотларга биноан Ўзбекистонда 650 минг бош йирик қорамол ва 21 млн бош паррандага эга 6 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, уларда ҳар йили 6 млн тоннадан ортиқ органик чиқиндилар ҳосил бўлади.

Республикадаги қатор фермер хўжаликлари ҳозирданоқ биочиқиндиларга қайта ишлов бериб, биогаз ва биоўғитлар ишлаб чиқарадиган биогазли қурилмалардан фойдаланмоқда. Ишлаб чиқилаётган биогаз хўжаликларнинг ўз эҳтиёжлари учун сарфланмоқда.

“Мазкур соҳанинг ривожланиши фермаларнинг даромадларини сезиларли даражада ошириш ва автоном узлуксиз энергия узатилишини таъминлаш имконини беради. Шунингдек, биоўғитлар қишлоқ хўжалиги корхоналарининг минерал ўғитларга қарамлигини камайтиради”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: