“Standard&Poor’s” ва Ўзбекистон МБ ўзбек тижорат банкларининг халқаро рейтинглар олиши ва қайта тасдиқлаши масалаларини муҳокама қилдилар
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Standard&Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон тижорат банкларининг халқаро рейтинг олиши ва қайта тасдиқланиши масалаларига бағишланган навбатдаги йиллик конференцияни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МБ хабар беришларича, тадбирда тижорат банклари, кредит ташкилотлари билан ҳамкорлик қилувчи халқаро ва маҳаллий аудиторлик компанияларининг уч юздан ошиқ раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
“Standard&Poor’s” экспертларининг фикрича, банк тизимининг барқарор ресурс базаси ва банк назоратининг самарадорлиги иқтисодий ўсишнинг ижобий омиллари бўлиб қолмоқда.
МДҲга аъзо баъзи мамлакатлар рейтинг кўрсаткичларининг пасайиши фонида Ўзбекистон банк тизимининг иқтисодий таваккалчиликка таъсирчанлиги “барқарор” баҳоланмоқда. Банк тизимининг кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб, айрим меъёрлар бўйича халқаро стандартлардан юқори бўлиб қолмоқда.
Хусусан, банк тизимининг жами капитали 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 23,2% ўсди. Ушбу кўрсаткич сўнгги беш йил давомида 2,4 марта ошди.
Банкларнинг жами активлари 2015 йилнинг 1 апрелига нисбатан 25,4%, сўнгги беш йилда эса 3,1 марта ўсишига эришилди.
Бугунги кунда республикамиздаги барча тижорат банклари халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳосига эга.