“Standard & Poor’s” Ўзбекистон банк тизимига навбатдаги баҳони берди

Дата: 21:50, 30-01-2017.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – “Standard & Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий ва мамлакат рискларини баҳолаш масалаларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, “Standard & Poor’s” экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистоннинг яхши иқтисодий ўсиш истиқболлари, миллий иқтисодиётдаги ўзига хосликлар туфайли юзага келаётган бюджет профицити ва жорий операциялар ҳисобварағи ижобийлиги, тижорат банкларининг мижозларнинг депозитлари ва ривожланишга қаратилган молиявий маблағларидан таркиб топган ресурс базаси, давлат томонидан ўрнатилган назорат асосий ижобий омиллардир.

Шу билан бирга, экспертлар республика Марказий банкининг банк тизимини капиталлашишини ошириш ва кредит операцияларини назорат қилиш борасида қўллаётган қатъий иқтисодий интизоми етарлича ижобий аҳамиятга эга бўлаётганини қайд этганлар.

Агентлик баҳосига кўра, кредитлашнинг юқори суръатлари муайян мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин, бироқ таҳлилчилар “улар иқтисодий ўсиш суръатларига номинал қийматда мос келади ва иқтисодиётда “баҳо пуфаклари”нинг пайдо бўлишига йўл қўймайди”, деб ҳисоблайдилар.

Экспертлар корпоратив кредитлар портфелига боғлиқ бўлган иқтисодий ўсиш ва рискларнинг прогноз қилинаётган юқори суръатларини эътиборга олиб, кредит портфелидаги муаммоли кредитлар яқин 12-18 ой ичида 1,5%дан ошмаслигини қайд этадилар.

“Standard & Poor’s” банк тизимида тўпланган молиявий маблағларни баҳолар экан, кредитларнинг салмоқли қисми мижозларнинг депозитлари ҳисобига молиялаштирилаётгани ва четдан жалб этилган маблағлар атиги 14%ни ташкил этаётганини эътиборга оладилар.

Бундан ташқари, экспертлар Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий рискини “барқарор” деб баҳолайдилар. Тижорат банкларини давлат томонидан молиялаштириш ва корпоратив депозитлар ҳажмининг ошиши туфайли Ўзбекистон банклари ресурс базасини нисбатан барқарор деб баҳолайдилар.

Натижада тижорат банкларида сўнгги 5 йилда жами депозитлар ҳажми 3,5 марта, охирги бир йил ичида эса 25,2% ошди.

Банк тизиминининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар сўнгги 5 йилда жами капитални 2,5 марта, охирги бир йилда эса 20% ошириш имконини берди. Банк тизимининг капитали етарлилиги даражаси халқаро стандартлардан уч баравар юқоридир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: