Суғурта компанияси Жанубий Кореяда комага тушган ўзбекистонликни даволаш харажатларни тўлайди
Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Суғурта компанияси Жанубий Кореяда комага тушган ўзбекистонликни даволаш харажатларни тўлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Сеул шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқиловнинг соғлиғи даволовчи шифокорлар томонидан "барқарор"деб баҳоланмоқда. Шифокорлар беморнинг олдида бўлиб турган онасига, укасига ва синглисига уни шифохона ҳудудида ногиронлар аравачасида юришга рухсат беришди", - дея хабар беради ТИВ матбуот хизмати хабарида.
А.Оқилов 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги линияси бўйича келди ва 2018 йил 27 июль куни комага тушди.
"Элчихона, ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхоналари, адвокатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида суғурта компанияси ҳамюртимизнинг Жанубий Корея клиникасида даволаш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш ва унинг меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди", - дейилади хабарда.
Дипломатик ваколатхона мазкур масалани назоратга олган ва беморга ғамхўрлик қилаётган қариндошлар билан доимий алоқада бўлади.
Сурат манбаи: m.kun.uz