Сурия ва Қатарни енгган футбол бўйича Ўзбекистон термаси “А” гуруҳида етакчилик қилмоқда

Дата: 16:28, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Россиядаги 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида Сурия ва Қатарни енгган футбол бўйича Ўзбекистон термаси “А” гуруҳида етакчилик қилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кейинги икки турдан сўнг Эрон ва Корея Республикаси термалари 2 очко билан 2- ва 3-ўринларда. 4-ва 5-ўринларда 1 очко билан Хитой ва Сурия термалари боришмоқда. Сўнгги поғонадаги Қатарда эса ҳали очко йўқ.

“В” гуруҳида Австралия, БАА ва Саудия Арабистон термалари етакчилик қилмоқдалар. Қолган уч жамоа – Япония, Таиланд ва Ироқда очколар умуман йўқ.

Маълумот ўрнида, Россиядаги 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи Осиёда 2015 йилнинг 12 мартидан бошлаб ўтказилмоқда ва ЖЧ-2018 финалида Осиё футбол конфедерациясидан (ОФК) қатнашувчи термаларни аниқлайди. Осиёга ЖЧда 4 ўрин берилган, яна бир жамоа бошқа қитъа вакиллари билан учрашувларда йўлланма учун курашади.

2014 йилнинг 16 апрелида ОФК Ижроя қўмитаси 2018 йилги жаҳон биринчилиги ва 2019 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинларини бирлаштириш ҳақида қарор қабул қилди.

Саралашнинг учинчи раундида 12 терма жамоа қатнашмоқда. Улар 2 гуруҳга бўлинган. Ҳар икки гуруҳдан икки жамоа чемпинатга тўғридан тўғри чиқади. Учинчи ўринни олган термалар тўртинчи раундга ўтадилар.

 Тўртинчи раундда гуруҳларда учинчи ўринни олган жамоалар бир бирлари билан иккитадан ўйин ўтказадилар. Ғолиб ФИФА қарорига биноан бошқа футбол конфедерацияси вакили билан плей-офф ўйинида учрашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: