Сурияда Сурия курдларининг ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари томонидан икки нафар ўзбекистонлик қўлга олинди
Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – 6 ва 7 январда Сурияда Сурия курдларининг ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари (YPG) томонидан “Ислом давлати” террористик ташкилотининг 8 нафар жангариси, шу жумладан, икки нафар ўзбекистонлик қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
YPG маълумотларига кўра, “турли миллатдаги террористлар гуруҳи” Хажин шаҳри ҳудудидаги ўз-ўзини ҳимоя қилиш кучларининг “илгарилашини секинлаштириш” мақсадида тинч аҳолига қарши ҳужумларни режалаштирган. Ушланганлар орасида икки ўзбекистонлик, Тожикистоннинг битта фуқароси, Қозоғистондан бир киши, украиналик Асқар Зарманбетов, россиялик Бекжан Бимураев, америкалик Сулай Ноа ва немис Лукас Гласслар бор.
Душанба куни Сурия Демократик кучларининг (SDF) араб-курд бўлинмалари Дейр-эз-Зор вилоятида “Ислом давлати”нинг бешта хорижий жангарисини, шу жумладан, Дублинлик Александр Бекмирзаевни қўлга олганларини маълум қилдилар.
SDF 2018 йилнинг сентябридан бошлаб жангариларнинг Хажин шаҳри яқинидаги сўнгги форпостида “Ислом давлати”га қарши операция ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2014 йилдан бери Сурия ва Ироқда “Ислом давлати”га қарши операция ўтказмоқда. АҚШ президенти Дональд Трумп 2018 йил охирида АҚШ қўшинлари Суриядан олиб чиқилишини маълум қилди. Қўшма Штатлар Сурия ҳудудида мамлакат ҳукумати рухсатисиз қарийб 2 минг аскарга эга эди.
Сурат манбаи: https://www.pastinfo.am