Сурхондарё вилоятида лаборатория ва диагностика маркази ташкил этилмоқда
Тошкент. 18 март. ЎзТАГ - Сурхондарё вилоятида лаборатория ва диагностика маркази ташкил этилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, 16 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алишер Абдуалиев Туркиянинг "Kanimed Alles Sag'lik Cozumleri A.S" компанияси бош директори А.Тайфун Эрдоған билан учрашди.
"Айни пайтда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида турк компанияси бир миллион доллардан зиёд инвестицияни жалб қилиш билан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида лаборатория ва диагностика марказини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда", - дейилади хабарда.
Таъкидланганидек, ҳафта давомида турк мутахассислари марказ биносига таъмирлаш ишларини бажариш учун Термизга келиши ва таъмирдан кейин лаборатория ускуналарини ўрнатиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ўзаро келишув якунларига мувофиқ 18 март куни турк делегацияси Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳудудий ва туман ҳокимликлари (маъмурият) раҳбарлари билан учрашув ўтказади, шунингдек, бу ерда келгусида Гемодиализ маркази ва диагностика лабораториясининг жойлашуви ҳақидаги масалаларни ўрганиш ҳам режалаштирилган.
Сурат манбаи: danilovskie-vesti.ru