Свердловск полициячилари халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистоннинг икки фуқаросини қўлга олди
Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Свердловск полициячилари халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистоннинг икки фуқаросини қўлга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия ИИВ Свердловск вилояти бўйича ББ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Интерполнинг МБ бўлими ходимлари Россия ИИВ Свердловск вилояти бўйича Экстремизмга қарши кураш бўйича маркази оперативчилари билан биргаликда икки хорижий фуқаро қўлга олинди. 1969 ва 1990 йилларда туғилган ота-бола экстремистик характердаги жиноятларда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ талаби билан халқаро қидирувда бўлишган.
Маълум қилинишича, мазкур шахсларнинг турган жойи полициячилар ўтказган қидирув тадбирлари доирасида аниқланган. Улар ёш йигит 13 йилдан бери истиқомат қилган Екатеринбургда қўлга олинган. Ҳар иккиси ишчи бўлиб ишлаган.
“Текширув жараёнида қўлга олинганларнинг Россия Федерацияси ҳудудида бирон бир қонунбузарлик қилгани факти аниқланмади. Ҳозирда қўлга олинганлар хибсда сақланмоқда. Тегишли тадбирлардан кейин улар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширилади.