Тўртта янги Boeing 787-8 Dreamliner Ўзбекистонга 2019-2020 йилларда етказиб берилиши кутилмоқда

Дата: 15:47, 10-01-2017.

Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – Тўртта янги Boeing 787-8 Dreamliner Ўзбекистонга 2019-2020 йилларда етказиб берилиши кутилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Boeing корпорация билан тўрт янги авлод Boeing 787-8 Dreamliner самолетларини етказиб бериш бўйича шартнома “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиапаркини модернизациялаш ва унификация қилиш доирасида тузилган. Ҳаво кемалари 2019-2020 йилларда етказиб берилиши кутилмоқда”, - дейилади сешанба куни тарқатилган хабарда.

Бунга доир келишув Boeing корпорацияси президенти Рэймонд Коннернинг ўтган йил сентябрда Ўзбекистонга ташрифи давомида тузилган.

Олдинроқ Boeing Co маълумотига асосланган ҳолда МАКнинг тўртта янги Boeing 787-8 Dreamliner сотиб олиши ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда Boeing Co айнан қайси русумдаги Boeing-787 Dreamliner самолётини етказиб бериши ва буюртма баҳосини  маълум қилмаган эди.

Маълумот ўрнида, ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Европа ва Осиё йўналишларида иккита Boeing-787-8 самолётидан фойдаланмоқда. Улар 2016 йил август ва ноябр ойларида олинган. Рейслар Деҳли, Дубай, Москва, Рига, Тель-Авив, Истамбул, Алматига бажарилмоқда.

Boeing 787 Dreamliner – кенгфюзеляжли икки моторли реактив йўловчи самолётидир. Унга туридан келиб чиққан ҳолда 250тадан 330тагача одам сиғади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: