Тўйтепа шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлди

Дата: 17:04, 25-08-2017.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Тўйтепа шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишида қатор ўзгартишларни маъқулладилар.

“Парламент юқори палатаси ҳукуматнинг Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тўйтепа шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, шунингдек, Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисидаги таклифини маъқулладилар”, - дейилади ўзбек парламентининг юқори палатаси матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл туманининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Янгийўл шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш маъқулланди.

Йиғилишда ушбу таклифларнинг маъқулланиши Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга, ҳудудларни самарали бошқаришга, аҳоли учун шарт-шароитларни янада яхшилашга кўмаклашади, туризм соҳасининг ривожланишига туртки беради, дея таъкидланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: