Таалуқлилик белгиларига эга бўлмаган самолёт Ўзбекистон ҳаво ҳудудини икки марта бузди
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон чегара нарядлари томонидан 10 июнда Сурхандарё вилоятининг Музрабод туманида АН-2 самолётининг республика ҳаво ҳудудини бир неча маротаба бузгани кузатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Миллий хавфқсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси хабарига асосланган ҳолда.
“Хусусан, соат 10.23да оқ рангдаги таалуқлилик белгиларига эга бўлмаган АН-2 самолёти тахминан 1000 м баландликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига Туркманистон ҳудудидан Музрабод тумани Оқтош аҳоли пункти йўналишида кесиб ўтди. У Ўзбекистон ҳудудига 200 м кирди ва чегараолди ҳудудини учиб ўтиб, Туркманистон ҳудудига қайтиб кетди”, - деб таъкидлади МХХ матбуот хизмати.
МХХ маълумотларига кўра, кейинроқ 10.48да самолёт яна Ўзбекистон ҳудудига Қоракамар аҳоли пункти томонга учишни амалга ошириб, Туркманистонга қайтиб кетган.
МХХ ДЧҚХ юқоридаги фактлар такрорланган ҳолда ўзбек томони Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудини қўриқлаш учун тегишли қарорларни қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши ҳақида расман баёнот берди.