Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ОАВ вакиллари учун Угам-Чотқол давлат миллий табиий боғига медиа-тур ташкил қилди
Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ОАВ вакиллари учун Угам-Чотқол давлат миллий табиий боғига медиа-тур ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қўмита маълумотига кўра, Угам-Чотқол давлат миллий табиат боғи республиканинг муҳим аҳамиятга эга табиий ҳудуди ҳисобланади. У 1990 йили Бурчмулла ва Чирчиқ ўрмон хўжаликларининг ўрмон фонди ерлари қўшилиши натижасида ташкил этилган.
Кейинчалик унинг ҳудуди Чотқол давлат биосфера кўриқхонаси ва Оҳангарон ўрмон ҳўжалиги худудларининг ҳисобига кенгайтирилди. Бугунги кунда Угам-Чотоқол миллий боғининг ҳудуди 574,6 минг гектарга тенг.
Ҳозирда Угам-Чотқол миллий боғининг фаунаси 230 ҳайвонот туридан ташкил топган бўлиб, шундан 38 тури – Ўзбекистон ва халқаро Қизил китобларига киритилган. Шунингдек боғда 1,8 минг турдаги ўсимлик дунёси мавжуд бўлиб, шундан 74 тури қизил китобга киритилган.
Мазкур биохилмахиллик ҳамда боғнинг гўзал табиий пейзажлари нафақат мамлакат, балки кўплаб хорижий сайёҳларни ҳамда ёввойи табиат шинавандаларини бефарқ қолдирмай, ўзига жалб этиб келмоқда. Ушбу йилда Ғарбий Тян-Шан ҳудуди ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон томонидан миллий боғнинг ҳудудига кирувчи Чотқол биосфера қўриқхонаси билан кўрсатилган.