Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил юқори мақом ва янада кенгроқ ваколатлар олди

Дата: 16:59, 25-08-2017.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил юқори мақом ва янада кенгроқ ваколатлар олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги  қонунни муҳокама қилдилар.

“Тадбиркорлар манфаатларига дахл қиладиган энг муҳим, долзарб масалаларни ҳал қилишда Вакилнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида Вакил қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод эталади. У Президентнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас”, - дейилади ўзбек парламентининг юқори палатаси матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, “Вакил институти қонунга мувофиқ нафақат мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини, балки Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини юритаётган хорижий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаши лозим”. Сенаторларнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширишга, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга кўмаклашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: