Таълим вазири томонидан Самарқанд мактабларида тизимли камчиликлар аниқланди

Дата: 16:09, 10-07-2018.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Самарқанд вилоятидаги 349 та мактаб капитал таъмирга, 18 та мактаб тўлиқ реконструкцияга муҳтож. Шу ва бошқа хулосалар Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Самарқанд вилоятига сафари давомида чиқарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Яқинда тайинланган вазир тарафидан бир қатор мактаблар ачинарли аҳволда эканлиги, 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмагани, жорий таъмир учун ҳам маблағлар чекланган миқдорда бир неча йил аввал ажратилгани қайд этилди.

336 та мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш ва ўқувчиларни спорт билан шуғуллантириш учун спорт заллари мавжуд эмас.

629 та мактаб ҳудудининг атрофи ўралмаган, натижада ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган.

Шунингдек, 474 та мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50% га ортиқ экани, бунинг натижасида ўқув жараёни икки навбатда ўтказилаётгани таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Самарқанд шаҳрида сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар кўп қурилганига қарамай, аҳоли учун қўшимча мактаблар қурилмаган.

Кўпчилик мактаблар фаолиятини тегишли даражада йўлга қўйиш учун оддий маиший шароитларга эга эмас.

Айниқса, чекка туманлардаги мактаблар филиаллари билан боғлиқ ишлар ёмон аҳволда. Филиал мақоми сабабли улар кўпинча капитал ва жорий таъмирлаш бўйича дастурлардан тушиб қолган.

Вазирлик матбуот хизматида таъкидлашларича, “Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактаб таълим тизимидаги бундай аҳволнинг асосий сабабларидан бири бир неча йиллар давомида соҳанинг етарлича молиялаштирилмаганлиги эканлиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлайди. Айниқса, мактабларни молиялаштириш масалалари маҳаллий бюджетларга юкланган, уларнинг манбалари эса марказ томонидан тўлиқ чекланган бир шароитда”.

Сурат манбаи: http://uz.utro.news/latest/obrazovaniya/

Янгилик билан ўртоқлашиш: