Таниқли архитектор Ян Гейл Тошкент ҳокимиятига шаҳарсозлик бўйича тавсиялар беради

Дата: 17:28, 17-05-2017.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – 16 май куни Тошкентга даниялик жаҳонга машҳур архитектор ва шаҳар дизайни бўйича маслаҳатчи Ян Гейл етиб келди. Ташриф Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ ташкил этилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, Ян Гейл Тошкент ҳокимиятига шаҳарсозлик бўйича тавсиялар бериш мақсадида пойтахт билан танишади.

Шунингдек, шаҳарларда ҳаёт сифатини яхшилаш ва жамоат жойларини режалаштириш бўйича кенг тан олинган мутахассис замонавий жаҳон архитектураси тўғрисида семинар-тренинг ҳам ўтказади ва Самарқандга ташриф буюради.

Ян Гейл Нью-Йорк, Копенгаген, Сидней, Лондон, Мельбрун ва бошқа шаҳарларда кўчалар ва жамоат жойларини қайта қуришдаги хизматлари учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.

1971 йилда Ян Гейлнинг “Бинолар орасидаги ҳаёт” номли китоби чоп этилган. У шаҳар шакларини аста секин яхшилашга асосланган оқилона ва содда ёндашув асосида ижод қилади.

Ян Гейл Нью-Йорк, Лондон ва Москва қиёфасини хушбичим қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқкан. 2015 йилда у Алмати ҳокими томонидан шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириш мақсадларида таклиф этилган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: